BO'LIMLAR
Bizning saytimizda kim bilan Intervyu bo'lishini xoxlaysiz?
Всего ответов: 1058
Mini chat
мини-чат от csomsk.ru
200

BIZ BILAN ALOQA
Admin: Farruh (Farab)
Tel: +998 (93)5788083
Pochta: www.dj.farruh.uz@mail.ru
Odnoklassniki profil
SAYTDA KIM BOR?
Barcha Online: 2
Mehmonlar: 2
Foydalanuvchilar: 0
Шайхнинг ўлими
Reyting:
Qo'shdi: farab Sana: 21.07.2018, 16:22 Ko'rildi: 25 Fikrlar: 0
Уни орқасидан қўндоқ билан итариб, оғир, нағалли этиклари билан тепкилаб олиб кетишарди.

Туманга чўмган тонг. Қуёш одамларнинг қилмишидан уялгандек булутлар ортига беркинди. Йигирма кунлик қийноқдан сўнг тор уйчага қўл-оёқлари боғланган ҳолда улоқтирилганлардан ёлғиз унга ёруғ кунни кўриш насиб этди.

У қишлоқнинг шайхи эди.

Ҳар бир зарба аста-секин, лекин тўхтовсиз уни биродарларидан узоқлаштирар, ўлим томон етакларди. Ҳар бир қадам ҳаётдан ўлимга олиб борувчи занжирга янги ҳалқа қўшар ва бу занжир тириклар марҳумларни бир-бири билан боғлагандек, бирлаштиргандек бўлиб кўринарди.

Унинг бутун умри азоб-уқубатда ўтди.

– Бу сенми Қуръонни ўқиган?

Жавоб ўрнига сукут. Қўндоқ билан берилган зарба чап жағга тушди. Унинг фақатгина киприклари беихтиёр пир-пиради. Шайхни уйқу элитарди. Шундай бўлса-да, ерга букчайишга мажбур этган чарчоққа қарамасдан тик туришга уринарди. Унинг юзи совуқ ва нафратли эди, у бутун вужуди билан титрар ва ҳар бир нотўғри босилган қадам қўндоқнинг кучли зарбалари билан “сийланарди”.

– Шошмай тур, ҳали сен шундай сайрайсан-ки...

Шайх французчани тушунмасди. У биродарларидан айрилди, видолашди. Улар сўнгги кунларига қадар шайхга ғамхўрлик қилишди.

Аскарлар совқотишар, қўлларини бир-бирига ишқашарди.

Уни меваларининг оғирлигидан ерга эгилган зайтун дарахти шохлари тагида тўхташга мажбур этишди. Шайх сариқ тупроқда қолган ўзининг яланг оёқлари ва соқчининг изларига боқди.

Илк бора нигоҳлари қадалган ва бутун умри давомида қадрдон бўлиб қолган қишлоғига сўнгги бор назар ташлаганча “Умримнинг интиҳоси шу ер”, дея пичирлади. Қўрқув йўқолди. Шайх ўзини сезмасди. Ғайриоддий қўрқув шайх учун иснод эди, қўрқув энди ёлланма аскарлар қишлоққа келишган дамлардагидек жонни қийнамасди.

Аскарлардан бири белкурак келтирди.

– Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ( Ла илаҳа иллаллоҳ)... – Қўндоқнинг зарби уни йиқитди – ва Муҳаммад унинг расулидир (Муҳаммадур расулуллоҳ).

Шайхни бошқалар билан бирга узоқ азоблаб қийнашди. Кўпчилик қийноқларга чидаёлмади. Ҳозир шайх учун энг муҳими Худонинг марҳамати эди. Тарсакидан шайхнинг боши силкинди, милтиқ билан қорнига берилган зарбанинг чидаб бўлмас оғриғи уни букчайтириб қўйди, баданида соғ жойнинг ўзи қолмаганди, ҳаттоки зарбанинг кучидан суякларининг қирсиллагани эшитилди. Мурдадек рангпар юзида ажралиб турган, ёрилган лаблари орасидан хириллаган товуш чиқди. Шайхнинг қўлларини ечишди. Темир симлар ўрнида икки из жой қолди. Бармоқларининг учлари шишиб кетганди. Учли гугурт доналари санчилган тирноқлари остидан оққан қон қотиб қолганди.

Бир неча сониялик сукут абадийдек туюлди. У ҳаммаси тезроқ тугашини хоҳларди, ахир тақдирга шундай ёзилган, ўлим — нажот.

Зобит ниманидир ўйларди. Унинг қайрилма киприклари остидаги кўз қорачиқлари кенгайди, юзи шафқатсиз тус олди.

Аскарлар ишни тугатишга шошилардилар. Зобит эса олдиндан роҳатланарди. Шайх бутун ўтмиш ва келажак авлодларининг нафратига тўлган нигоҳи билан уларга қаради. Узун, тўзиган, кир соқоли унинг юзини қоплаганди.

– Қани, қўлингга ол-чи, – деди аскар ўзи олиб келган белкуракни оёғи билан тепиб. Буйруқ ҳақорат билан тўлдирилди.

Зобит шайхни ўзига ўзи гўр қазишга мажбурлашни хоҳларди. У шу пайтгача одамларни ўзи учун қабр қаздиришга бўлган иштиёқини босиб келарди. Ҳеч нарса — ҳатто мана шу уруш ҳам бу ғалаба билан тенглашолмасди: курашувчан инсонни ўзига қабр қазишга мажбурлаш, уни жонсиз жисмга айлантириш, онги ва иродасидан маҳрум қилиш, инсон қадр-қимматини ваҳшиёна таҳқирлаш.

Зобит ғазаб-ла ўзининг азалий орзусини амалга оширишга тиришарди.

– Демак, сен экансан-да уларнинг раҳнамоси? Бу сенми қурол-яроғ учун пул йиққан? Иқрор бўл, нима билсанг, ҳаммасини айт, шундагина сени қўйиб юбораман...

Зобит олдиндан ўз қилмишини оқламоқчи ва бу билан танбал виждонини аллаламоқчи эди. Аммо виждон уйғонишидан умид йўқ. “Нима ҳам қилардик, – деди у, – уруш кетяпти, уруш муқаддасдир”.

Шайх аниқ биларди, агар у гапирса ҳам барибир ўлдиришади.

На зобит, на шайх ўзларини алдашга уринишмасди. Бири ўлдиришини, иккинчиси эса ўлдирилишини биларди. Шайх худди мушукнинг чангалига тушган сичқондек ҳимоясиз эди.

Шайх оёғи остида ётган белкурак томон эгилди. Зобит иршайди, у ниятига етгандек мамнун эди. Бироқ шайх белкуракни четга суриб қўйди, холос.

Бу ғазабни қўзғатадиган ўйин эди.

Шайх хотиржам қаддини ростлади.

– Жазоирлик ҳеч қачон ўзига қабр қазимайди!

Бу гап ўқ овозидек янгради. Зобит муштини тугди, тишини тишига шундай босди-ки, яноқларида шиш пайдо бўлди ва шайхнинг юзига кафтининг орқа тарафи билан қулочкашлаб туширди.

Зобит ўзига бўйсунмасликларига чидаёлмасди. Шайх қонли табассум қилди... бу табассумда бечора зобитга ачиниш бор эди.

“Бардам бўл, бардам бўл”. Биродарларининг далда бериб айтган бу сўзлари унинг шуурини эгаллаганди. Юзидан қон оқар, чаккалари зирқирарди. Қулоғининг шанғиллашидан бошқа ҳеч нарса эшитмасди.

Шайх зобитнинг юзига тупурди, шу он кўзининг четида бир қатра ёш кўринди. Шу пайтгача тупроққа кўмилган отаси учунгина кўз ёш тўкканди. Гўё қонга бўялган юзига бир дона гавҳар юмалади. У тили билан лаълни ушлаб қолди, тупроққа туширмади.

Аскарлар ҳамон интизорлик билан кутишарди. Улар шайхни тезроқ тинчитишни хоҳлашарди. Буларнинг бари одамни зериктирадиган ҳолат. Ёш аскарлардан бири хижил бўлиб, лабларини тишлаганча, бошқалар каби юзини тескари ўгирди.

Шайх ўзини электр токи силкитгандек ҳис қилди, нам қўлларини қимирлатди, пешонасидан дона-дона тер чиқди. Ногаҳоний қувонч тўлқини унинг бутун вужудини чулғаб олди, кўзларига нурни қайтарди. Энг қийин ҳал қилувчи онларда қалбимиз тубида беркитилган аждодларимизнинг жасурлиги, ботирлиги кутилмаганда жонланади ва чексиз жисмоний ёки руҳий азобнинг ортидан эътиқоди мустаҳкам инсоннинг ғурурини ҳам уйғотадиган, ҳам ҳайратга соладиган хотиржамлик пайдо бўлади.

Аскарлар ҳайратдан лол қолишди. Шу лаҳзада шайх ғазаб оловида аскарлардан бирига ташланди, уни ерга ағдариб, милтиғини тортиб олди ва зобитни нишонга олди... Қаторасига эшитилган автомат товуши тонгги сукунатни бузди — аскарлардан бири ўқ узганди. Шайх совуқ милтиқни ушлаганча, қақшаб йиқилди... У қуролни ишга солишга беҳуда уринганди. Ахир, уни ҳеч қачон бунга ўргатишмаган.

Ўлимнинг нафаси бутун танага ёйилди. Нурсиз кўзлар туманли шафақ қаршисида очиқлигича қотиб қолди.

Лойда думалаган тана ёпишқоқ кафанга бурканди.

Ғазабдан титраган зобит тўппончасини суғуриб олиб, шайхнинг юзига тўғрилади. Жасадни оёғи билан босиб, унга тупурди, зобитнинг юзида лоқайдлик акс этди.

Ёш аскар ўзини тутиб тура олмади — қайт қилиб юборди.

– Ҳечқиси йўқ, аста-секин ўрганиб кетасан, эртага сен ҳам бундай ишларни бажарасан... Кўрасан бунинг қанчалик осонлигини...

Эртага яна бошқа қотил туғилади.

Улар кетишди...

Осмон баайни уларнинг кетишларини кутаётгандек, кўз ёшларини тўкиб юборди...
Bo'lim: Hikoyalar
Izoh qoldirish
Barcha izohlar: 0
Xato!
Hurmatli mehmon, izoh qoldirish uchun saytda ro'yxatdan o'ting.
Copyright © 2018 ShouMp3.NeT 2018 Barcha huquqlar himoyalangan.
uzbek.mobi